Бизга Қутайба ривоят қилди, у деди: бизга Исмоил ибн Жаъфар ривоят қилди; ва бизга Алий ибн Ҳужр ривоят қилди, у деди: бизга Исмоил ибн Жаъфар хабар берди, у Довуд ибн Бакр ибн Абил-Фуротдан, у Ибнул-Мункадирдан, у Жобир ибн Абдуллаҳ(розияллаҳу анҳумо)дан (ривоят қилдики), Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Кўпи маст қиладиган (нарса)нинг ози ҳам ҳаромдир,» дедилар. (Абу Исо) деди: бу бобда Саъд, Оиша, Абдуллаҳ ибн Амр, Ибн Умар ва Хаввот ибн Жубайрдан (ҳам ҳадис келган). Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис Жобирнинг ҳадисидан ҳасан ғарибдир.
Бизга Муҳаммад ибн Башшор ривоят қилди, у деди: бизга Абдул-Аъло ибн Абдил-Аъло, Ҳишом ибн Ҳассондан, у Маҳдий ибн Маймундан (ривоят қилди); ва бизга Абдуллаҳ ибн Муовия ал-Жумаҳий ривоят қилди, у деди: бизга Маҳдий ибн Маймун — маъно бир хил — Абу Усмон ал-Ансорийдан, у Қосим ибн Муҳаммаддан, у Оиша(розияллаҳу анҳо)дан (ривоят қилди). У деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Ҳар бир маст қилувчи (нарса) ҳаромдир. Фарақи маст қиладиган (нарса)нинг бир ҳовучи ҳам ҳаромдир,» дедилар. Абу Исо деди: улардан бири ўз ҳадисида: «Унинг бир ютуми ҳам ҳаромдир,» деди. У (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасандир. Буни Лайс ибн Аби Сулайм ва Рабиъ ибн Сабиҳ Абу Усмон ал-Ансорийдан Маҳдий ибн Маймуннинг ривоятига ўхшаш ривоят қилганлар. Абу Усмон ал-Ансорийнинг исми Амр ибн Солим бўлиб, Умар ибн Солим ҳам дейилади.