Бизга Маҳмуд ибн Ғайлон ривоят қилди, бизга Абдурраззоқ ривоят қилди, бизга Маъмар хабар берди, у Ҳаммом ибн Мунаббиҳдан, у Абу Ҳурайрадан (ривоят қилдики), у деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Ҳаммаси ўзини Расулуллаҳ деб даъво қиладиган, тахминан ўттизтача дажжол-ёлғончилар пайдо бўлмагунча Қиёмат қоим бўлмайди,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: бу бобда Жобир ибн Самура ва ибн Умардан ҳам (ривоят) бор. Бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир.
Бизга Қутайба ривоят қилди, бизга Ҳаммод ибн Зайд ривоят қилди, у Айюбдан, у Абу Қилобадан, у Абу Асмо ар-Раҳабийдан, у Савбондан (ривоят қилдики), у деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунча ва улар бутларга сиғинмагунча Қиёмат қоим бўлмайди. Албатта, умматимда ўттизта ёлғончи бўлади, уларнинг ҳар бири ўзини пайғамбар деб даъво қилади. Ҳолбуки мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан кейин пайғамбар йўқ,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир.