Бизга Абда ибн Абдуллаҳ ал-Хузоий ал-Басрий ривоят қилди, бизга Язид ибн Ҳорун, бизга Шуъба хабар берди, у Қатодадан, у Анасдан (ривоят қилдики), у деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Дажжол Мадинага келади ва уни қўриқлаб турган малоикаларни топади; шундай қилиб, Аллаҳ хоҳласа, унга (Мадинага) на вабо на Дажжол киролмайди,» дедилар. (Абу Исо) деди: бу бобда Абу Ҳурайра, Фотима бинт Қайс, Усома ибн Зайд, Самура ибн Жундаб ва Миҳжандан (ҳам ҳадислар) бор. Абу Исо (Термизий) деди: бу саҳиҳ ҳадисдир.
Бизга Қутайба ривоят қилди, бизга Абдул-Азиз ибн Муҳаммад, ал-Ало ибн Абдурраҳмондан, у отасидан, у Абу Ҳурайрадан (ривоят қилдики), Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Иймон яманликдир (Яман томонидан), куфр эса машриқ тарафидандир, сокинлик (вақорлилик) қўй боқувчиларда, кибр-у риё эса от эгалари ва туя (жунидан уй қурувчи) эгалари бўлмиш бақироқлардадир. Масиҳ (Дажжол) келади, у Уҳуд (тоғи)нинг орқа тарафига етганда малоикалар унинг юзини Шом томонга бурадилар ва у ўша ерда ҳалок бўлади,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир.