Бизга Муҳаммад ибн Башшор ривоят қилди, бизга Язид ибн Ҳорун ривоят қилди, бизга ал-Журайрий хабар берди, у Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан, у Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам)дан (ривоят қилди), у: «Албатта жаннатда сув денгизи, асал денгизи, сут денгизи ва шароб денгизи бордир, сўнгра (жаннат) дарёлари ундан кейин (шу денгизлардан) ажралиб чиқади,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир. Ҳаким ибн Муовия — у Баҳз ибн Ҳакимнинг отасидир; ал-Журайрийнинг куняси Абу Масъуд, исми эса Саид ибн Иёсдир.
Бизга Ҳаннод ривоят қилди, бизга Абул-Аҳвас ривоят қилди, у Абу Ишоқдан, у Бурайд ибн Абу Марямдан, у Анас ибн Молик (розияллаҳу анҳу)дан (ривоят қилди), у деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Ким Аллаҳдан жаннатни уч марта сўраса, жаннат: «Эй Аллаҳ, уни жаннатга киргиз,» дейди. Ким дўзахдан уч марта паноҳ сўраса, дўзах: «Эй Аллаҳ, уни дўзахдан асра,» дейди,» дедилар. (Абу Исо) деди: Юнус ибн Абу Ишоқ ҳам бу ҳадисни Абу Ишоқдан, у Бурайд ибн Абу Марямдан, у Анасдан, у Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам)дан шунга ўхшаш ривоят қилган. Бу Абу Ишоқдан, у Бурайд ибн Абу Марямдан, у Анас ибн Моликдан мавқуф (саҳобада тўхтаган) тарзда ҳам ривоят қилинган.