Бизга Маҳмуд ибн Ғайлон ривоят қилди, у деди: бизга ибн Нумайр ривоят қилди, ал-Аъмашдан, у Усмон ибн Умайрдан — у Абул-Яқзондир — у Абу Ҳарб ибн Абул-Асвад ад-Дийлийдан, у Абдуллаҳ ибн Амрдан (ривоят қилдики), у деди: мен Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Кўк (осмон) Абу Зардан кўра ростгўйроқ (кишини) соя қилмаган, қора (ер) (уни) кўтармаган,» деб айтаётганларини эшитдим. Бу бобда Абуд-Дардо ва Абу Зардан ҳам (ривоятлар) бордир. Бу ҳадис ҳасандир.
Бизга ал-Аббос ал-Анбарий ривоят қилди, у деди: бизга Назр ибн Муҳаммад ривоят қилди, у деди: бизга Икрима ибн Аммор ривоят қилди, у деди: менга Абу Зумайл — у Симок ибн Валид ал-Ҳанафийдир — ривоят қилди, Молик ибн Марсаддан, у отасидан, у Абу Зардан (ривоят қилдики), у деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Кўк (осмон) Абу Зардан кўра ростгўйроқ ва аҳдига вафодорроқ тилли (кишини) соя қилмаган, қора (ер) (уни) кўтармаган, (у) Исо ибн Марям (алайҳиссалом)нинг ўхшашидир,» дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб ҳасад қилгандай бўлиб: «Ё Расулаллаҳ, буни биз унга (тан олиб) эътироф қилайликми?» деди. У: «Ҳа, уни унга эътироф қилинглар,» дедилар. Бу ҳадис бу йўлдан ҳасан ғарибдир. Уларнинг баъзилари бу ҳадисни ривоят қилиб: «Абу Зар ер юзида Исо ибн Марям (алайҳиссалом)нинг зуҳди билан юради,» деб айтган.