Бизга Аҳмад ибн Манеиъ ривоят қилди, бизга Ҳушайм ривоят қилди, бизга Мансур — у Ибн Зазондир — хабар берди, Ибн Сириндан, у Умму Атийя (розияллаҳу анҳо)дан (ривоят қилдики), Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам) икки ҳайитда қиз болаларни, балоғатга етган қизларни, парда ортидаги (уй) қизларини ва ҳайзли аёлларни (мусаллага) чиқарар эдилар. Ҳайзли (аёллар)га келсак, улар мусалладан четда туриб, мусулмонларнинг дуосида (жамоасида) ҳозир бўлар эдилар. Улардан бири: «Ё Расулуллаҳ, агар унинг жилбоби бўлмаса-чи?» деди. У: «Синглиси унга ўз жилбобларидан бирини бериб турсин,» дедилар.
Бизга Аҳмад ибн Манииъ ривоят қилди, у деди: бизга Ҳушайм ривоят қилди, Ҳишом ибн Ҳассондан, у Ҳафса бинти Сириндан, у Умму Атийядан шунга ўхшаш (ҳадисни) (ривоят қилди). У (Абу Исо) деди: бу бобда Ибн Аббос ва Жобирдан ҳам (ривоятлар) бор. Абу Исо деди: Умму Атийя ҳадиси ҳасан саҳиҳ ҳадисдир. Баъзи илм аҳли шу ҳадисга эргашиб, аёлларнинг икки ҳайит (намози)га чиқишига рухсат бердилар, баъзилари эса буни макруҳ санадилар. Абдуллаҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, у: «Мен бугун аёлларнинг икки ҳайитга чиқишини макруҳ санайман. Агар аёл чиқишдан бошқасига кўнмаса, эри унга эски-туски кийимларида, безанмаган ҳолда чиқишига рухсат берсин. Агар шу тарзда чиқишни хоҳламаса, эрнинг уни чиқишдан тўсишга ҳаққи бор,» деган. Оиша (розияллаҳу анҳо)дан ривоят қилинишича, у: «Агар Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам) аёллар (кейинчалик) пайдо қилган (янгиликлар)ни кўрганларида эди, Бани Исроил аёллари масжиддан тўсилгани каби уларни ҳам (масжиддан) тўсган бўлардилар,» деган. Суфён ас-Саврийдан ривоят қилинишича, у бугун аёлларнинг ҳайитга чиқишини макруҳ санаган.