Бизга Амр ибн Али хабар берди, у деди: бизга Яҳё ибн Саид ривоят қилди, у деди: бизга Шуъба ривоят қилди, у деди: менга Абу Авн ривоят қилди, у деди: мен Жобир ибн Самура (розияллаҳу анҳу)нинг шундай деяётганини эшитдим: Умар Саъдга: «Одамлар сен ҳақингда ҳамма нарсада, ҳатто намозда ҳам шикоят қилишди,» деди. Саъд: «Мен биринчи икки (ракат)да шошилмай (узайтириб) ўқийман, охирги иккитада (қисқа) қиламан. Мен Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам)нинг намозларидан ўрганган нарсамда камчилик қилмайман,» деди. (Умар): «Сен ҳақингда мен ҳам шундай ўйлар эдим,» деди.
Бизга Ҳаммод ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Улайя Абул-Ҳасан хабар берди, у деди: бизга отам ривоят қилди, Довуд ат-Тойийдан, у Абдулмалик ибн Умайрдан, у Жобир ибн Самура (розияллаҳу анҳу)дан (ривоят қилдики), у деди: Куфа аҳлидан бир неча киши Умарнинг ҳузурида Саъд ҳақида (ёмон) гапириб: «Аллаҳга қасамки, у намозни яхши ўқимайди,» дейишди. Шунда у (Саъд): «Мен уларга Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам)нинг намозларидек намоз ўқиб бераман, ундан камайтирмайман. Биринчи икки (ракат)да узайтираман, охирги иккитада (қисқа) қиламан,» деди. (Умар): «Сен ҳақингда мен ҳам шундай ўйлар эдим,» деди.