Бизга Қутайба ибн Саид ривоят қилди, у деди: бизга Ҳаммод ибн Зайд ривоят қилди, Айюбдан, у Муҳаммад ибн Сириндан, у Юнус ибн Жубайрдан (ривоят қилдики), у деди: мен Ибн Умардан хотинини ҳайз ҳолида талоғ қилган киши ҳақида сўрадим. У: «Абдуллаҳ ибн Умарни биласанми? У (ҳам) хотинини ҳайз ҳолида талоғ қилган эди, шунда Умар Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам)дан сўради, у (Набий) унга (хотинини) қайтариб олишни буюрди,» деди. Мен: «Бу талоғ (ҳисобга) саналадими?» дедим. У: «Бўлмаса-чи! (Талоғ қилган киши) ожиз қолиб, аҳмоқлик қилган бўлса, нима деб ўйлайсан?» деди.
Бизга Ҳаннод ривоят қилди, у деди: бизга Вакииъ ривоят қилди, Суфёндан, у Муҳаммад ибн Абдураҳмондан — оли Талҳанинг мавлоси — у Солимдан, у отасидан (ривоят қилдики), у (Ибн Умар) хотинини ҳайз ҳолида талоғ қилган эди, шунда Умар Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам)дан сўради. У: «Унга буюр, хотинини қайтариб олсин, сўнг уни пок бўлган ёки ҳомиладор ҳолатда талоғ қилсин,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: Юнус ибн Жубайрнинг Ибн Умардан (қилган) ҳадиси ҳасан саҳиҳдир, Солимнинг Ибн Умардан (қилган) ҳадиси ҳам шундай. Бу ҳадис Ибн Умардан, у Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам)дан, бир неча йўл билан ривоят қилинган. Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари ва бошқаларидан бўлган илм аҳли ҳузурида амал шу асосдадир: суннатга мувофиқ талоғ — уни жимў қилмаган, пок ҳолатида талоғ қилишидир. Баъзилари: «Агар уни пок ҳолатда уч (талоғ билан) талоғ қилса, бу ҳам суннатга мувофиқ бўлади,» дедилар. Бу Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзидир. Баъзилари: «Уни биттадан-биттадан талоғ қилмаса, уч талоғ суннатга мувофиқ бўлмайди,» дедилар. Бу Суфён ас-Саврий ва Ишоқнинг сўзидир. Улар ҳомиладор (аёл)ни талоғ қилиш ҳақида: «Уни хоҳлаган вақтида талоғ қилади,» дедилар. Бу Шофеий, Аҳмад ва Ишоқнинг сўзидир. Баъзилари эса: «Уни ҳар ойда бир талоғ қилади,» дедилар.