Бизга Муҳаммад ибн Башшор, Ҳасан ибн Алий ва Маҳмуд ибн Ғайлон ривоят қилиб, дедилар: бизга Абу Осим ривоят қилди, у деди: бизга Суфён, Алқама ибн Марсаддан, у Сулаймон ибн Бурайдадан, у отасидан (ривоят қилди). У деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Мен сизларни (баъзи) идишлардан қайтарган эдим. Дарҳақиқат, идиш ҳеч нарсани ҳалол ҳам, ҳаром ҳам қилмайди. Ҳар бир маст қилувчи (нарса) ҳаромдир,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир.
Бизга Маҳмуд ибн Ғайлон ривоят қилди, у деди: бизга Абу Довуд ал-Ҳафарий, Суфёндан, у Мансурдан, у Солим ибн Абил-Жаъддан, у Жобир ибн Абдуллаҳ(розияллаҳу анҳумо)дан (ривоят қилди). У деди: Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам) (баъзи) идишлардан қайтардилар. Шунда ансорлар у зотга: «Бизнинг (бошқа) идишимиз йўқ,» деб шикоят қилдилар. У: «Ундай бўлса, майли (фойдаланинг),» дедилар. (Абу Исо) деди: бу бобда Ибн Масъуд, Абу Саид, Абу Ҳурайра ва Абдуллаҳ ибн Амрдан (ҳам ҳадис келган). Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир.