Бизга Қутайба ривоят қилди, у деди: бизга ал-Лайс ибн Саъд ривоят қилди, Саид ибн Абу Саид ал-Мақбурийдан, у Абу Шурайҳ ал-Адавийдан (ривоят қилдики), у деди: Икки кўзим Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам)ни кўрди ва икки қулоғим у зотни гапирган пайтларида эшитди: «Ким Аллаҳга ва охират кунига имон келтирса, меҳмонини иззат-икром қилиб, унинг ҳаққини (жоизасини) берсин,» дедилар. Улар: «Унинг жоизаси нима?» дедилар. У: «Бир кун ва бир кеча (энг яхши зиёфат беришидир), меҳмондорчилик эса уч кундир, ундан кейингиси садақадир. Ким Аллаҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши (сўз) айтсин ёки жим турсин,» дедилар. Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир.
Бизга Ибн Абу Умар ривоят қилди, у деди: бизга Суфён ривоят қилди, Ибн Ажлондан, у Саид ал-Мақбурийдан, у Абу Шурайҳ ал-Каъбийдан (ривоят қилдики), Расулуллаҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Меҳмондорчилик уч кундир, унинг жоизаси (энг яхши икроми) эса бир кун ва бир кечадир, ундан кейин унга сарфланган нарса садақадир. Ва (меҳмонга) уни (мезбонни) танг аҳволга солиб қўйгунича унинг олдида туриб қолиши ҳалол эмас,» дедилар. Бу бобда Оиша ва Абу Ҳурайрадан ҳам (ривоятлар бор). Буни Молик ибн Анас ва ал-Лайс ибн Саъд ҳам Саид ал-Мақбурийдан ривоят қилганлар. Абу Исо (Термизий) деди: бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир. Абу Шурайҳ ал-Хузоий — у ал-Каъбийдир ва у ал-Адавийдир, исми Хувайлид ибн Амрдир. У зотнинг «Унинг олдида туриб қолмасин,» деган сўзларининг маъноси — яъни меҳмон уй эгасига оғир ботадиган даражада унинг олдида туриб қолмасин. «Ҳараж» — торчилик (қийинчилик) демакдир; у зотнинг «уни ҳаражга солиб қўйгунича,» деган сўзлари — яъни уни танг аҳволга солиб қўйгунича, демоқдир.